Ўзбекистон аҳолисининг сони ўсиб бориши шароитида ва қишлоқ жойларидан иш ўринларининг катта қисми яратилаётган шаҳарларга унинг миграцияси ортиб бориш тенденциясини ҳисобга олганда Республиканинг иқтисодий ривожланишида урбанизация тобора муҳим роль ўйнамоқда. Давлат статистика қўмитасининг маълумотларига кўра, 1990-2017 йилларда аҳолининг энг юқори ўсиш суръатлари ўрта шаҳарларда кузатилди ва 54%ни ташкил этди.
Шу муносабат билан урбанизациянинг комплекс ривожланишида шаҳарларнинг, жумладан, ўрта шаҳарларнинг муҳим иқтисодий марказлар (хаблар) сифатида бир маромда кенгайишига катта аҳамият берилмоқда. Бироқ, бошқариб бўлмаётган тезкор ўсиш натижасида инфратузилма самарасизлиги ҳамда коммунал хизматларга бўлган эҳтиёж ва талабнинг қониқарсизлигини ошиб бориши ушбу шаҳарларнинг инвестициявий жозибадорлигига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Дастлаб Жаҳон банкининг кўмаги билан танланган пилот - Чортоқ, Когон ва Янгийўл шаҳарларининг комплекс диагностикаси ўтказилди. Натижада, шаҳар атроф-муҳитининг сифатига салбий таъсир кўрсатаётган омиллар: комплекс ва самарали хизмат кўрсатиш тизимининг, қониқарли шаҳар муҳитининг мавжуд эмаслиги, энергия самарадорлигининг паст даражаси, маънан эскираётган инфратузилмани алмаштириш ва модернизация қилиш зарурлиги, шунингдек, инвестицияларни жалб қилиш, иш ўринларини яратиш ва рақобатбардошликни ошириш учун шароитларни яратиш лозимлиги аниқланди.
Кўрсатилган муаммони ҳал қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 30 июлдаги “Ўрта шаҳарларни комплекс ривожлантириш” лойиҳасини амалга оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4409-сон қарори қабул қилинди ҳамда Жаҳон банки гуруҳига кирувчи Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки иштирокида амалга оширилаётган “Ўрта шаҳарларни комплекс ривожлантириш” лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Лойиҳа доирасида Республика аҳоли пунктларида шаҳар инфратузилмасини яхшилашга қаратилган қатор амалий чора-тадбирлар белгиланган. Хусусан, Чортоқ шаҳрида сув таъминоти ва канализация тизимини яхшилаш, ободонлаштириш ишларини олиб бориш, шу жумладан, алоҳида зоналарда кўчаларнинг ёритилишини таъминлаш, пиёдалар ва велосипед йўлларини лойиҳалаштириш ва қуриш, 17-сон болалар боғчасининг собиқ биноси ва шаҳар маъмурияти биносини модернизация қилиш ва энергия самарадорлигини ошириш, махсус ускуналар сотиб олиш ва унга гаражлар қуриш кўзда тутилган.
Бухоро вилояти Когон шаҳрида Бухоро Амири саройини ва шаҳарнинг марказий қисмида жойлашган маданий мероснинг алоҳида объектларини қайта тиклаш, "Когон-Бухоро" сайёҳлик автобус йўналишини ташкил этиш, махсус техника воситаларини сотиб олиш ва гаражлар қуриш, танланган лойиҳавий зоналарда кўчаларнинг ёритилишини яхшилаш, ободонлаштириш ишларини олиб бориш режалаштирилган.
Тошкент вилояти Янгийўл шаҳрида сув таъминоти ва канализация тизимлари яхшиланади, махсус техника ускуналари сотиб олинади ва ихтисослаштирилган гаражлар қурилади, шунингдек, танланган лойиҳавий зоналарда қатор маҳаллалар ободонлаштирилади ва кўчаларнинг ёритилиши яхшиланади.
Лойиҳани молиялаштириш манбалари 100 млн АҚШ доллари миқдорида Жаҳон банки томонидан ажратилаётган давлат кафолатидаги кредит маблағлари ва Ўзбекистон Республикасининг солиқ ва божхона имтиёзлари шаклидаги 24,12 млн долларга тенг бўлган ҳиссаси этиб белгиланди.
Натижада ушбу аҳоли пунктларининг яшаш сифати ва шароитлари, жозибадорлиги сезиларли даражада яхшиланади, шаҳар, коммунал ва транспорт хизматлари такомиллаштирилади, иқтисодий ривожланишга туртки берилади, иш жойлари яратилади.
Лойиҳа доирасида стратегик ҳудудий режалаштириш соҳасида ҳокимиятлар салоҳиятини юксалтириш ва маҳаллий ҳокимият органларининг ўз қарорларини мустақил қабул қилишнинг даражасини юксалтириш, капитал қўйилмалар самарадорлигини ошириш, инфратузилмани ишга тушириш ва ундан фойдаланиш, коммунал хизматлар кўрсатиш ва маҳаллий даражада узоқ муддатли барқарор ривожланиш учун даромад манбаларини яратиш режалаштирилмоқда.