Site is being updated
O'zbekcha Русский Ўзбекча English

2019 йил 30 июлда Ўзбекистон Республикаси Президентининг №ПҚ-4409-сонли “Ўрта шаҳарларни комплекс ривожлантириш” лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Қарорга мувофиқ, Жаҳон банки гуруҳига кирадиган Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки иштирокида амалга ошириладиган “Ўрта шаҳарларни комплекс ривожлантириш” лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Лойиҳага мувофиқ республика аҳоли пунктларида шаҳар инфратузилмасини яхшилаш, шу жумладан, сув таъминоти ва канализация тармоғини яхшилаш, пиёдалар ва велосипед йўлакларини ободонлаштириш, лойиҳалаш ва қуришга қаратилган қатор амалий чора-тадбирлар амалга оширилиши кўзда тутилган.

Таъкидлаш керакки, бу - пилот лойиҳадир у каби лойиҳалар Ўзбекистонда бундан олдин амалга оширилмаган. Лойиҳанинг мақсади – шаҳарсозлик ечимлари орқали шаҳарларнинг иқтисодий ривожланишига кўмаклашишдан иборат.

Шундай қилиб, жорий йилнинг октябрь ойига қадар лойиҳа доирасида Чортоқ шаҳридаги собиқ 17-сонли болалар боғчасининг биносини реконструкция қилиш ва энергия самарадорлигини ошириш бўйича ишлар якунланмоқда. Ҳудудни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш давом этмоқда. Боғча биноси "Ёшлар ижодиёти маркази" учун мослаштирилиши режалаштирилган.

17-сонли собиқ болалар боғчаси биносини реконструкция қилишда лойиҳанинг асосий вазифаси бинонинг асл меъморий ва таркибий қисмларини ва элементларини сақлаб қолишдир. Бино ижод қилиш учун барча шарт-шароитлар яратиладиган ноёб маданий объект бўлади.

Шаҳарларининг экологик муҳитини сақлаш, шунингдек, туман ҳокимлигининг транспорт базасини ривожлантириш мақсадида лойиҳа доирасида 43 та махсус техника воситаларини сотиб олиш кўзда тутилган. Ҳозирги кунда махсус ускуналар ишлаб чиқарувчи ва етказиб берувчилар билан шартномалар имзоланган. Тузилган шартномалар шартларига мувофиқ, махсус ускуналарни етказиб бериш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Жумладан, бугунги кунга келиб кўтариш қуввати 16т. - 1 та, 25т. - 3 та юк кўтарма кранларнинг Чортоғ, Когон ва Янгийўл шаҳарлари хокимиятларига топшириш ишлари амалга оширилди. Сотиб олинган махсус техникага хизмат кўрсатиш ва уни сақлаш мақсадида Чортоғ ва Когон шаҳарларида гаражлар қуриш учун пудратчиларни танлаш бўйича танлов савдолари якунланди. Ҳозирги кунда пудратчи ташкилотлар томонидан қурилиш-монтаж ишлари олиб борилмоқда.  Шу билан бирга, Янгийўл шаҳрида гараж мажмуасини қуриш учун пудратчи ташкилот танлаш бўйича танлов савдолари ниҳоясига етди. Жаҳон банкининг тартиб-қоидаларига кўра, 14.10.2021 йил соат 10:00гача танлов иштирокчилари танлов натижалари юзасидан шикоят қилишлари мумкин ва ҳозирги вақтда ушбу давр тугаши кутилмоқда.

2021 йил 17 август куни Чортоғ шаҳридаги эски бозорни реконструкция қилиш юзасидан ўтказилган танлов савдолари якунлари бўйича Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Лойиҳаларни амалга ошириш гуруҳи ҳамда “Chortoq Arhitekt Qurilish” МЧЖ (Ўзбекистон) ўртасида шартнома имзоланди. Шартнома белгиланган тартибда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида рўйхатдан ўтказилган. Пудратчи ташкилотдан иш ҳажми бажарилиши тўғрисида банк кафолатини тақдим этиши кутилмоқда.

Когон ва Янгийўл шаҳарларида ичимлик суви таъминоти ва оқова сув тизимларини реконструкция қилиш учун лойиҳа-сметалари ва тендер ҳужжатлари ишлаб чиқилди ва ижобий экспертиза хулосаси олинди. Чортоғ шаҳри учун хулоса олиниши кутилмоқда. Ҳозирги кунда ҳужжатлар Жаҳон банки, тармоқнинг илмий-техникавий кенгаши ва тендер комиссияси аъзолари томонидан кўриб чиқилмоқда.

Чортоғ шаҳрида велосипед ва пиёдалар учун эко-йўлакни қуриш пакетининг доирасида лойиҳа-сметалари ва тендер ҳужжатларини ишлаб чиқиш ишлари якунланди. Ҳужжатлар Қурилиш вазирлигига экспертизадан ўтказиш учун тақдим этилди.

Когон, Чортоғ шаҳарларини ободонлаштириш бўйича лойиҳа-сметалари ва тендер ҳужжатларини ишлаб чиқиш учун консалтинг компаниясини танлаш ҳамда Когон-Бухоро автобус йўналишини ташкил этиш бўйича танлов савдолари якунланди. 2021 йилнинг 9 августидаги танлов савдолари натижаларига кўра, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Лойиҳани амалга ошириш гуруҳи ва Dong Myeong Engineering Consultants & Architecture Co.LTD (Жанубий Корея) Когон, Чортоғ шаҳарларини ободонлаштириш, шунингдек, Когон-Бухоро автобус маршрутини ташкиллаштириш бўйича лойиҳа-смета ва тендер ҳужжатларини ишлаб чиқиш учун консалтинг хизмати кўрсатиш бўйича шартнома имзолади. Шартнома белгиланган тартибда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигидан рўйхатдан ўтказилади. Шартнома кучга кирди ва маслаҳатчи ходимлари сафарбар этилди, дастлабки маълумотлар тўпланмоқда.

Шу билан бирга, "Амирнинг саройи ва унга туташ ҳудудни, шунингдек, Когон шаҳридаги бошқа маданий мерос объектларини қайта тиклаш ва адаптив қайта ишлатиш"компоненти остида лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқишга кўмаклашиш учун консалтинг компаниясини танлаш жараёни якунига етмоқда.