Site is being updated
O'zbekcha Русский Ўзбекча English

2019 йил 30 июлда Ўзбекистон Республикаси Президентининг №ПҚ-4409-сонли “Ўрта шаҳарларни комплекс ривожлантириш” лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Қарорга мувофиқ, Жаҳон банки гуруҳига кирадиган Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки иштирокида амалга ошириладиган “Ўрта шаҳарларни комплекс ривожлантириш” лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Лойиҳа республиканинг ўрта ва кичик шаҳарларида шаҳар инфратузилмасини такомиллаштириш ва кичик бизнес учун шарт-шароитлар яратишга қаратилган чора-тадбирларни амалга оширишни ўз ичига олади. Бунга асосий инфратузилма тўсиқларни ҳамда узоқ муддатли ривожланишни чекловчи омилларини бартараф этиш орқали ҳаёт сифатини, ўрта шаҳарлар функционаллиги ва жозибадорлигини яхшилаш киради. Шундай қилиб, шаҳарларнинг айрим ҳудудларида функционал жиҳатлар юксаланади ва турмуш шароитлари яхшиланади.

Хусусан, лойиҳа сув таъминоти ва канализация тармоқларини яхшилаш, шаҳарларни ободонлаштириш, Чортоқ шаҳрида пиёдалар ва велосипед Эко-йўллакларини лойиҳалаш ва қуриш, Когон шаҳрида сайёҳлик объектларини барпо этиш, Когон-Бухоро йўналишида махсус автобус ҳаракатланувчи қисмини ташкил этиш ва бошқаларни назарда тутади.

Бу пилот лойиҳа ҳисобланади. Унга ўхшаш лойиҳалар Ўзбекистонда илгари амалга оширилмаган. Лойиҳанинг мақсади шаҳар режалаштиришнинг самарали ечимлари орқали шаҳарларнинг иқтисодий ривожланишини рағбатлантиришдир. Лойиҳанинг биринчи босқичи билан Чортоқ, Когон ва Янгийўл шаҳарлари қамраб олинган.

Жорий йилнинг декабрь ҳолатига Чортоқ шаҳридаги собиқ 17-болалар боғчаси биносини реконструкция қилиш ва энергия самарадорлигини ошириш бўйича ишлар якунланди. Болалар боғчаси биноси “Ёшлар ижодиёти маркази”га мослаштирилмоқда.

17-сонли собиқ болалар боғчаси биносини реконструкция қилиш жараёнида лойиҳанинг асосий вазифаси бинонинг асл меъморий ва таркибий қисмлари ва элементларини сақлаб қолишдир. Бу бино - ижод учун барча шароитлар яратиладиган ноёб маданий объект бўлади.

Лойиҳа шаҳарларнинг экологик муҳитини яхшилаш, шунингдек, туман ҳокимликларининг моддий базасини ривожлантириш мақсадида лойиҳа томонидан шаҳар хизматлари учун 43 та махсус техника сотиб олиш кўзда тутилган. Ҳозирги вақтда махсус ускуналарни етказиб бериш бошланди. Жумладан, Чортоқ, Когон ва Янгийўл шаҳар ҳокимликлари автокранлар, сув ташувчилар, сув тармоқларини авариявий таъмирлаш машиналари, сув сепиш машиналари, ахлат ташувчи машиналари ва бошқаларни қабул қилдилар.

Харид қилинган махсус техникаларни сақлаш ва унга хизмат кўрсатиш учун тегишли шарт-шароитларни таъминлаш мақсадида Чортоқ, Когон ва Янгийўл шаҳарларида гараж мажмуалари қурилмоқда.

Лойиҳа амалга оширилаётган шаҳарларнинг туристик жозибадорлигини ошириш ва бу соҳада тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида Чортоқ шаҳри марказидаги Эски бозор биносини реконструкция қилиш ишлари олиб борилмоқда. Бу янги иш ўринлари ташкил этиш, аҳоли даромадлари ва ҳаёт сифатини ошириш имконини беради. Бозор биносини реконструкция қилиш жараёнида лойиҳанинг асосий вазифаси бинонинг асл меъморий ва таркибий қисмлари ва мозаик элементларини сақлаб қолишдир.

Бундан ташқари, Чортоқ, Когон ва Янгийўл шаҳарларида ичимлик суви таъминоти ва канализация тизимларини реконструкция қилиш бўйича техник-иқтисодий асослар, лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш якунланди. Шунингдек, лойиҳа доирасида Чортоғ шаҳрида велосипед ва пиёдалар Эко-йўли қурилиши бўйича лойиҳа-смета ва тендер ҳужжатларини ишлаб чиқиш якунланди.

Шу билан бирга, халқаро консалтинг компаниялари томонидан Когон, Чортоқ ва Янгийўл шаҳарларини ободонлаштириш (шу жумладан, Когон-Бухоро йўналишида махсус автобус ҳақаракати учун йўл қисмини ташкил этиш), шунингдек, Когон шаҳрида маданий мерос объектларини қайта таъмирлаш бўйича лойиҳа-смета ва тендер ҳужжатларини ишлаб чиқиш устида иш олиб борилмоқда.